Таэквондочиларимиз Рим турнирида қатнашмоқда
Бугун, 2 июнь куни Италия пойтахти Рим шаҳрида таэквондо WТ бўйича катталар ўртасида G6 таснифига кирувчи Гран-При мусобақаси бошланади.
2028 йили Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига рейтинг очколарини тақдим этадиган мазкур нуфузли мусобақада 50 га яқин давлат таэквондочилари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 9 нафар аъзоси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Ёзги Олимпия ва Осиё ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналган Рим даянида кечадиган жангларда маҳоратли таэквондочиларимиз Жаҳонгир Худойбердиев, Диёрбек Тўхлибоев, Нажмиддин Қосимхожиев, Жасур Жайсунов, Марат Мавлонов, Ёдгорбек Жўрабоев, Мадина Мирабзалова, Озода Собиржонова, Светлана Осипова ўз омадини синовдан ўтказади.
Мусобақалар 5 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА