Тадбиркорнинг қарздорлиги ҳисобдан чиқарилди
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифадир.
Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони – Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан ишбилармонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида мунтазам чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бизнес-омбудсманнинг Наманган вилояти шўъбасида “Н.W” масъулияти чекланган жамиятининг Наманган шаҳар “Марказ” электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан электр тармоғи бўйича 1 миллиард 300 миллион сўм миқдорда қарздорлик белгиланиб, электр тармоғидан узиб қўйилаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати кўриб чиқилди.
– Тадбиркорнинг мурожаатини кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, “Ҳудудий электр таъминот” биллинг тизимига жамиятнинг ҳисоблагич кўрсаткичлари техник хатолик сабабли нотўғри киритилганлиги электр истеъмоли ва тўловларини ҳисобга олиш бўйича ички дастурда 1,3 миллиард сўм асоссиз қарздорлик вужудга келган, – дейди Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Жалолиддин Раҳималиев. – 2024 йил 31 майда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш” қоидаларининг 131-бандига кўра, арифметик хатоликлар, тарифларни нотўғри қўллаш натижасида пайдо бўладиган кам ва ортиқча тўловлар тегишли тариф бўйича кВт соатларда мазкур қоидалар асосида қайта ҳисобланади.
Бизнес-омбудсман вакил девони томонидан Наманган шаҳар “Марказ” электр таъминоти корхонаси хулоса киритилиб, тадбиркорлик субъектига нисбатан ҳисобланган асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши туфайли ҳисобдан чиқарилди. Зеро, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки тўсқинлик қилишга асло йўл қўйилмайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.