Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – янги иш ўринлари яратиш омили
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Галия Райҳонова Учқудуқ тумани ҳокими Учқун Елмуратов ҳамда ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов ҳамроҳлигида туманда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Депутат туман ҳокимлиги томонидан тадбиркорга бино ноль қийматда ажратилиши натижасида фаолияти йўлга қўйилган “Лидер базар” корхонасида бўлди.
Тадбиркорга бинонинг ноль қийматда берилиши корхона фаолиятини йўлга қўйиш учун қулай шароит яратиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Учрашувда корхонада яратилган шароитлар, иш жараёнлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.

Корхонада 30 та янги иш ўрни яратилган. Бу эса туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Мулоқотда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларига амалий кўмак бериш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири