Тадбиркорликка ноқонуний аралашув учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, давлат органлари томонидан асоссиз текширувлар ва ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш мақсадида янги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
«Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва ушбу ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва бизнес вакилларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.
Лойиҳага мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, ноқонуний текширув ташаббуси билан чиқиш ёки бундай текширувларни ўтказиш учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашган ёки қонунга хилоф равишда текширув ўтказган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима қўллаш таклиф этилмоқда. Текширув ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузганлик учун эса БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, ушбу ҳуқуқбузарликлар такроран содир этилган тақдирда жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундай ҳолатларда айбдор шахслар БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва улар бўйича жавобгарлик чораларини қўллаш жараёнларини рақамлаштириш. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган ҳолатлар асос сифатида қабул қилинади.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, давлат органлари томонидан асоссиз аралашувларни қисқартириш ҳамда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА