Германия Федератив Республикаси Президенти Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер рафиқаси ҳамроҳлигида мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Бугун, 18 июнь куни олий мартабали меҳмон Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Президент Франк-Вальтер Штайнмайерга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.
Ислом цивилизацияси маркази тарихий ва замонавий илм-фанни уйғунлаштирган, қўлёзма манбаларни рақамли технологиялар асосида ўрганишга хизмат қилувчи йирик халқаро илмий-маданий мажмуадир.

Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий дизайн ёндашувлари уйғунлигида бунёд этилган марказнинг гумбазлари, пештоқлари ҳамда нафис нақш безаклари унинг бетакрор меъморий қиёфасини намоён этади.

Олий мартабали меҳмонга халқимиз тарихий тараққиётининг муҳим босқичларини ёритувчи “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда” ҳамда “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” бўлимлари батафсил таништирилди. Ушбу экспозицияларда мазкур даврлар тарихи ноёб ашёлар, қўлёзма манбалар, фотоматериаллар ва замонавий мультимедиа воситалари орқали ёритилган.

Делегация вакиллари Қуръони карим залида бўлиб, ислом оламининг энг нодир ёдгорликларидан бўлган қадимий Усмон Мусҳафи билан танишди. Ушбу ноёб манба ўзининг улкан тарихий ва маданий аҳамияти билан ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдиради.

Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер давлатлараро маданий мулоқот ва маънавий яқинликни мустаҳкамлаб, глобал шароитда халқаро ҳамкорликни кучайтиришда Ислом цивилизацияси марказининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Сарвар ЎРМОНОВ (сурат),
ЎзА