Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, экспорт фаолиятини қўшимча қўллаб-қувватлаш орқали маҳаллий маҳсулотларнинг янги истиқболли бозорларга кириб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Белгилансинки:
Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун ажратиладиган молиявий ресурслар ҳисобидан берилган кредитларни ўз вақтида сўндириб келаётган тадбиркорлик субъектларига кредитнинг сўндирилган қисмига мутаносиб равишда қўшимча кредитлар ажратишга рухсат этилади;
2024 йил 1 январга қадар Европа, Туркия, Миср ва Марокаш давлатларига газлама, трикотаж мато маҳсулотларини экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.
2. Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Ж.Ходжаев) икки ҳафта муддатда Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурслар тақдим этиш ҳамда экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш тартибларига тегишли ўзгартириш киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 21 декабрь