Тадбиркорлик маркази иш бошлади
Андижон шаҳрида “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамда Германиянинг “German Sparkassenstiftung” компанияси ҳамкорлигидаги халқаро лойиҳа доирасида хотин-қизлар учун Тадбиркорлик маркази иш бошлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг, хусусан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, турмуш фаровонлиги ва яшаш шароитларини яхшилаш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш орқали даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда ҳамкорлик лойиҳалари доирасида халқаро ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда.


Хусусан, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамда Германиянинг “German Sparkassenstiftung” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган, доимий иш олиб борадиган хотин-қизлар Тадбиркорлик маркази ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси раиси ўринбосари Нигорахон Яқубова, “German Sparkassenstiftung” компаниясининг Ўзбекистондаги регионал филиали раҳбари Матиас Ванглер, тадбиркор ва тадбиркорлик қилиш, касб-ҳунар ўрганиш истагидаги хотин-қизлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида марказ очилишига бағишланган тантанали тадбирда сўз олганлар мазкур марказнинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари хусусида гапирди.
“German Sparkassenstiftung” компаниясининг молиявий кўмагида энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган марказда ўз бизнесини йўлга қўйиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги опа-сингилларимиз уй меҳмонхонаси, уй-боғча, гўзаллик салони, иссиқхона ташкил этиш, тикувчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик, қандолатчилик ҳамда компьютер саводхонлиги, IT ва бошқа қатор йўналишлар бўйича махсус ўқув курсларида бепул ўқитилади.

Машғулотлар “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамда уюшманинг Андижон филиали малакали мутахассис ва тренерлари томонидан олиб борилади.
– Марказнинг асосий фаолияти хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, аёлларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишларига кўмаклашишдан иборат, – дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси раиси ўринбосари Нигорахон Яқубова. – Бу орқали опа-сингилларимизнинг доимий даромад манбаи шакллантирилади, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишига ёрдам кўрсатилади.


Машғулотларни якунлаган хотин-қизларга марказ томонидан махсус сертификат берилиб, имтиёзли кредит олиш учун банкларга йўналтирилади. Уларга зарур ёрдамлар кўрсатилиб, келгуси фаолиятлари мониторинг қилиб борилади.
Меҳмонлар тадбир доирасида ташкил этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини катта қизиқиш билан томоша қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари