Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш юзасидан мулоқот
Бизнес-омбудсман томонидан мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва назорат тизимини ислоҳ қилиш доирасида текширувларни соддалаштириш ва профилактика тадбирларининг шаффофлигини оширишга бағишланган семинар-йиғилиши бўлиб ўтди.
Туризм қўмитаси ходимлари иштирок этган тадбирда тадбиркорлар фаолиятини текшириш тартиби, текширувларни қонунчиликка мувофиқ ўтказиш ва уларнинг натижалари бўйича атрофлича тушунтириш берилди.
Тадбирда қайд этилганидек, давлат назоратида жазолаш эмас, балки тадбиркорларнинг қонуний фаолиятига кўмаклашиш ва хавфни таҳлил қилиш тизимини жорий этиш масалаларини кучайтириш лозим.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда асосий эътибор тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ва янги тартиб-таомиллар ҳақида хабардорликни оширишга қаратилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 17 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари доирасида назорат қилувчи органлар ходимларининг масъулияти ва малакасини оширишга алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, иштирокчиларга соҳадаги мавжуд имтиёзлар ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар батафсил тушунтирилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА