Тадбиркорларнинг муаммолари тингланмоқда
Жиззах шаҳрида ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқот тадбиркорлик муҳитини янада эркинлаштириш ва бизнес вакилларининг дардини тинглашга қаратилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Савдо-саноат палатасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Бобур Умурзаков ҳамда 20 нафардан ортиқ фаол тадбиркор иштирок этди.
Самимий ва очиқ руҳда кечган учрашувда ҳудуддаги ишбилармонларни қийнаётган муаммолар, амалий таклифлар ва истиқболли ташаббуслар кенг муҳокама қилинди. Энг муҳими, тадбиркорлар ўз фикр ва эътирозларини бевосита масъуллар эътиборига етказиш имконига эга бўлди. Бу эса “давлат идораси — тадбиркор” муносабатларида ишончга асосланган янги мулоқот муҳити шаклланаётганини яққол кўрсатди.
Мулоқот давомида билдирилган таклифлар тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва янги иқтисодий имкониятлар яратиш зарурлигини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Шу ўринда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси изчил таъминланаётгани алоҳида таъкидланди.
— Бугунги очиқ мулоқотлар — бу шунчаки учрашув эмас, балки амалда ишлаётган ислоҳотлар майдонидир, — дейди Савдо-саноат палатасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Бобур Умурзаков. — Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жойларда тўлиқ ва изчил ижро этилмоқда. Натижада бизнес юритишдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар босқичма-босқич қисқартирилмоқда, молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгаймоқда, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучаймоқда. Энг муҳими, тадбиркор ўз муаммосини айтиб, унинг ечимини кўраётгани — ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундай очиқ мулоқотлар муаммоларни фақат қайд этиш эмас, балки уларни жойида ҳал этишга хизмат қилаётган таъсирчан механизмга айланмоқда. Бу жараён эса тадбиркорлар ва давлат идоралари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини ҳаётга чуқур сингдирмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири