“Лола ва кабоб” фестивали кўтаринки руҳда ўтди
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган Обиҳаёт маҳалласи ҳудудида “Лола ва кабоб” фестивали юқори савияда ва кўтаринки кайфиятда ўтказилди.
Баҳорнинг гўзал нафаси уфуриб турган ушбу кунда фестиваль майдонига ташриф буюрган меҳмонлар табиатнинг бетакрор манзаралари, ранг-баранг лолалар ва миллий қадриятлар уйғунлигига гувоҳ бўлди. Тадбир ҳудуднинг туристик имкониятларини кенг намоён этиш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, маҳаллий гастрономияни оммалаштиришга хизмат қилди.
Фестиваль доирасида ташкил этилган гастрономик кўргазмалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, тандирда тайёрланган хушбўй кабоблар, миллий таомлар кўргазмаси ва ошпазларнинг маҳорат дарслари меҳмонларга ўзига хос завқ бағишлади. Усталар томонидан намойиш этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ҳам кўпчилик эътиборини тортди.
Шу билан бирга, миллий спорт ўйинлари, халқ ўйинлари ва турли танловлар тадбирга янада жон бахш этди. Санъаткорлар иштирокида ўтказилган концерт дастурлари эса фестиваль кайфиятини янада юқори поғонага кўтарди. Болалар ва ёшлар учун ташкил этилган варраклар намойиши ва табиат қўйнидаги пикниклар иштирокчиларга унутилмас таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида ўтказилган инфотурлар орқали ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти кенг тарғиб қилинди. Экологик плоггинг акциялари эса иштирокчиларни атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундади.
[gallery-29132]
Фестиваль иштирокчилари таъкидлаганидек, бундай тадбирлар нафақат аҳолига мароқли дам олиш имконини яратади, балки ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, туризм салоҳиятини ошириш ва миллий меросни келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
“Лола ва кабоб” фестивали ўзининг мазмундор дастури, миллий руҳ ва файзли муҳити билан иштирокчилар қалбида илиқ хотира сифатида муҳрланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари