Тадбиркорлардан ортиқча ундирилган 19,4 миллион сўм қайтарилади
Тадбиркор электр учун тўлов қилар экан, ҳисоб-китобнинг тўғри юритилишига ишонади.
Аммо нотўғри ҳисобланган сумма унинг зиммасига ортиқча харажат бўлиб тушиши мумкин. Сурхондарёдаги бир қатор тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ ҳолатда ҳам шундай вазият кузатилган.
Рақобат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасига бир қатор тадбиркорлик субъектларидан электр энергияси учун нотўғри ҳисоб-китоб қилингани юзасидан мурожаатлар келиб тушган.
Ўрганишлар давомида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Сурхондарё бўлинмаси томонидан электр энергияси учун ҳисоб-китобларда қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди. Натижада 4 та тадбиркорлик субъектидан жами 19,4 миллион сўм ортиқча маблағ ундирилган.
Жумладан, “SURXON-KSP-GRAND” МЧЖдан 9,5 миллион сўм, “Термиз-таъминот” саноат қурилиш таъминот хусусий корхонасидан 6,4 миллион сўм, “Бандихон бирлашма” МЧЖдан 1,4 миллион сўм ва “Сурхон бирлашма” МЧЖдан 2,1 миллион сўм ортиқча ундирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан қарор қабул қилиниб, ортиқча ундирилган маблағларни тадбиркорлар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш белгиланди. Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилди.
Бироқ масала шу билан тугамади. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Сурхондарё бўлинмаси комиссия қароридан норози бўлиб, бир неча суд инстанцияларига мурожаат қилди.
Суд инстанцияларидаги кўриб чиқишлар якунида эса шикоятлар қаноатлантирилмади ва Махсус комиссия қарори ўз кучида қолдирилди.
Шу тариқа, тадбиркорлар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш ва ортиқча ундирилган маблағларни қайтариш бўйича қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги суд томонидан ҳам тасдиқланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА