Тадбиркорларда давлат харидлари ва биржа савдоларида иштирок этиш бўйича кўплаб саволлар тўпланиб қолгани айтилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
“Даладан-дастурхонгача” тамойили асосида санитария, ветеринария ва карантин органларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича назорат-лаборатория функциялари ягона тизимга бирлаштирилиб, тўлиқ рақамлашади.
Эндиликда тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмасдан, барча ҳужжатларни “ягона дарча” принципи асосида бир жойдан оладиган бўлади.
Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини оширади.
Президент тадбиркорларимизда давлат харидлари ва биржа савдоларида иштирок этиш бўйича ҳам кўплаб саволлар тўпланиб қолганини таъкидлаб, яқин орада бу масалага пухта тайёргарлик кўрилиб, барча муаммоларга ечимлар берилишини қайд этди.
Давлат органлари ва табиий монополия субъектлари билан шартнома тузишда тадбиркорлар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишнинг янги механизми жорий этилади.
Бунда, барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.
ЎзА