Тадбиркорлар учун янги имкониятлар
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ва амалий ёрдам кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи корхоналар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, экспорт-импорт жараёнларини соддалаштириш ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар доирасида Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқотни ўтказди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиш, уларни қизиқтирган масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар бериш ҳамда бизнес ташаббусларини амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишдан иборат бўлди.
Мазкур учрашувга “SATE INTL” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан йўлланган мурожаат асос бўлди. Корхона ўз ҳудудида божхона омбори ташкил этиш, мазкур фаолият учун лицензия олиш тартиби, зарур ҳужжатлар ва божхона омборларига қўйиладиган талаблар бўйича батафсил маълумот олиш истагини билдирган эди.
Шу муносабат билан ташкил этилган учрашувда бошқарма масъуллари, корхона раҳбари — Хитой Халқ Республикаси фуқароси Су Ганг ҳамда корхона мутахассислари иштирок этишди.

Мулоқот давомида Б.Муратов томонидан божхона омборини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, лицензиялаш тартиби ва амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан атрофлича маълумот берилди. Қайд этилганидек, ушбу жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги қарори талаблари асосида амалга оширилади.
Учрашув иштирокчиларига божхона омборларига қўйиладиган техник ва хавфсизлик талаблари ҳам тушунтирилди. Хусусан, омбор ҳудуди бутун периметри бўйлаб камида икки метр баландликдаги мустаҳкам ва яхлит тўсиқ билан ўралган бўлиши, ҳудуд тўлиқ замонавий видеокузатув тизими билан қамраб олиниши ҳамда видеоёзувлар камида уч ой давомида сақланиши шартлиги таъкидланди.
Шунингдек, божхона тўловларини таъминлаш билан боғлиқ молиявий талаблар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Унга кўра, очиқ майдоннинг ҳар бир квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари ёки бино ҳажмининг ҳар бир куб метри учун БҲМ нинг 3 баравари миқдорида таъминот маблағи ҳисобланади. Бироқ ушбу сумма ҳар қандай ҳолатда ҳам БҲМ нинг 6 минг бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Тадбир давомида тадбиркорлар томонидан берилган саволларга аниқ ва ҳуқуқий асосланган жавоблар қайтарилди. Мутахассислар томонидан божхона омборини ташкил этиш жараёнини самарали йўлга қўйиш, лицензия олишда вақт ва маблағни тежаш ҳамда қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Бу каби очиқ мулоқотлар давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда инвестициявий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бундай учрашувлар тадбиркорларга ўз лойиҳаларини ишонч билан амалга ошириш, ташқи савдо операцияларини кенгайтириш ва халқаро бозорларда рақобатбардошлигини ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий асос яратиб бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири