Тадбиркорлар билан мулоқот
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Президентимизнинг жорий йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси солиқ қўмитаси, вилоят солиқ бошқармаси раҳбар ва мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. Унда мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Семинарда мутахассислар томонидан Президентимизнинг юқоридаги фармонида тадбиркорлар учун яратилган янги имкониятлар, қулайлик ва афзалликлар, уларни амалиётга жорий этилиши хусусида сўз юритилди.
Фармонга кўра, жорий йил 1 июндан бошлаб солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг, яъни БҲМнинг 12 минг бараварига оширилади. Шунингдек, товарларни импорт қилувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси деб эътироф этиш тартиби бекор қилинади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар айрим тадбиркорлик субъектларига ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилади. Мазкур тартибни асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ бўлган тадбиркорлар қўллаши мумкин. Ушбу соддалаштирилган тартиб давлат корхоналари ва йирик солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Соддалаштирилган тартибга кўра, ҚҚС ставкаси товарлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоиз этиб белгиланади. Фойда солиғи ставкаси эса 0 фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Мулоқот давомида Фармонда белгиланган янгилик, афзаллик ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, белгиланган вазифаларнинг амалий аҳамияти юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари