Тадбиркор ёшлар билан учрашди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида “Халқ билан бирга” лойиҳаси доирасида “Тўртдевор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Янги Ўзбекистон рақобатбардош маҳсулотлар юрти” мавзусида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши депутати А.Байриева, туман Кенгаши депутати Д.Шарипова ҳамда тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида мебель ишлаб чиқарувчи ёш тадбиркор Охунжон Шарипбаевнинг иш фаолияти билан танишилиб, маҳсулот сифати, ишлаб чиқариш жараёни ва келгуси режалар муҳокама қилинди.
Учрашувда маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга мос ишлаб чиқариш, тадбиркорлар учун тренинг ва маслаҳатлар ташкил этиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, саноат зоналари ва кластерларни ривожлантириш ҳамда “Made in Uzbekistan” брендини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбиркор билан учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.