Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қаралади.
Хусусан, тадбиркорларнинг инфратузилма ва бошқа соҳадаги муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш фаолият самарадорлигининг янада ортишига хизмат қилади. Айрим мансабдор шахслар томонидан эса тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқмаслик уларнинг айрим муаммолари ҳал этилмаслигига сабаб бўлмоқда.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга Бухорода фаолият юритувчи “Азиз” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси ходимлари хатти-ҳаракатидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Aниқланишича, тадбиркор Бухоро шаҳрида жойлашган савдо дўконини гаровга қўйиш эвазига банкдан кредит олишни мақсад қилган. Кредит расмийлаштириш жараёнида нотариал идора томонидан кадастр идорасига гаровга қўйилаётган объектнинг тавсифи тўғрисида маълумот олиш учун электрон сўровнома юборилган.
Тегишли фармонга кўра, UZKAD кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар юритиладиган ягона ахборот тизими этиб белгиланиб, Кадастр агентлиги кўчмас мулкка оид маълумотларни UZKAD тизимига тўлиқ ўтказиши қайд этилган бўлса-да, маълумот киритилмаган.
Ўрганиш натижасида, кадастр тизимида вақтинча юзага келган носозликлар бартараф этилиб, мазкур савдо дўконига оид маълумотлар UZKAD тизимига тегишли тартибда киритилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА