Тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар билан очиқ мулоқот
Янги Андижон шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида экспортга кўмаклашиш ва халқаро стандартларни жорий этиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқотда агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар мутасаддилари, мутахассислари, Андижон вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар, саноат ҳамда экспортёр корхоналар вакиллари иштирок этди.
Мулоқот аввалида иштирокчилар “Савдони ривожлантириш компанияси” ҳамда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамиятларининг тадбиркорлик субъектларига тақдим этаётган хизматлар, кўрсатаётган молиявий кўмаклар ва бошқа таклифлар бўйича тақдимотлари билан танишди.
Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Эргашали Абдужалилов, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори ўринбосари Темур Машанпин сўз олиб, мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият олиб боришларига кўмаклашиш, муаммоларини бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
– Мутахассисларимиз ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларига миллий ва халқаро сертификатлар олиши, маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилишлари учун зарур ёрдамларни кўрсатади, – дейди Темур Машанпин. – Энг асосийси, уларнинг тегишли сертификат олиш, маҳсулотларини хорижий кўргазмаларга жойлаш учун сарфлайдиган харажатлари тўла ёки маълум қисми қоплаб берилади. Бундан кўзланган мақсад – тадбиркорларнинг самарали иш юритишларига, уларнинг экспорт салоҳияти ва имкониятларини оширишга кўмаклашиш. Тадбиркорлик субъектлари қанчалик барқарор ишласа, иқтисодий бақувват бўлса, янги-янги иш ўринлари яратилади, юртимиз иқтисодиёти ҳам мустаҳкам бўлади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бугунги кунда Андижон вилоятида 5 минг 268 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 478 таси экспортёр корхона ҳисобланади. Уларнинг аксарияти тўқимачилик, машинасозлик, озиқ-овқат, қурилиш, кимё саноати, мебель саноати, енгил саноат, фармацевтика ва электротехника йўналишидаги корхоналардир.
2026 йилнинг январь-июль ойларида вилоятдаги 122 та экспортёр корхона томонидан 38 та давлатга 602,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 186 фоизга ўсган.
[gallery-31099]
Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида вилоятдаги 5 минг 268 та саноат корхонасининг фаолияти ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида 432 та корхонага соҳага оид амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 146 та корхонага халқаро сертификат олиш, 36 та корхонага сертификатлаштириш, 166 та корхонага стандартлаштириш, 66 та корхонага метрология масалаларида, 12 та корхонага маҳсулотларни ёрлиқлашда, 6 та корхонага маҳсулотларни синовдан ўтказишда амалий ёрдамлар кўрсатилган.
Шунингдек, жорий йилда 177 та экспортёр корхонага ҳам турли ёрдамлар кўрсатилди. Шундан 38 тасида менежмент тизимлари жорий қилинди, 31 тасида метрология, 5 тасида сертификатлаштириш бўйича ишлар амалга оширилди.
Халқаро сертификатлар экспорт имкониятларини кенгайтиради. Ана шундан келиб чиқиб, Асака туманидаги “Invest Davr Teks” МЧЖга SEDEX халқаро стандарти талаблари асосида сертификатлашда ёрдам кўрсатилди. Натижада корхона Россия, Молдова ва Украина бозорларига 802,7 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди.
Бундан ташқари, Хўжаобод туманидаги “Fazo group” МЧЖга ҳам SEDEX халқаро стандарти талаблари асосида сертификатлашда кўмаклашилди.
Умуман, агентлик тизимидаги хизматлар томонидан вилоятдаги 152 та экспортёр ва экспорт салоҳиятига эга корхонага стандартлаштириш, сертификатлаш, қадоқлаш ва ёрлиқлаш масалаларида амалий ёрдам берилди. Уларга GSP+ доирасида маҳсулотларни Европа Иттифоқи бозорларига олиб кириш талаблари тушунтирилиб, услубий қўлланмалар тақдим этилди. Бунинг натижасида вилоятдаги 6 та корхона томонидан GSP+ доирасида қиймати 3,4 миллион долларлик тўқимачилик, электротехника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европа Иттифоқининг 9 та давлатига экспорт қилинди.
– Корхонамиз ўз маҳсулотлари учун “OEKO Tex” standart-100 халқаро сифат сертификатига эга, – дейди Пахтаобод туманидаги “Oltin mato group” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Жаҳонгир Сатторов. – Бу маҳсулотларимизни Хитой, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон давлатларига эркин экспорт қилиш имконини бермоқда. Шу йилнинг ўтган етти ойи давомида 12 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди. Мулоқотда иштирок этиб, маҳсулотларни Европа бозорига олиб кириш, бунинг учун қандай халқаро сертификатлар олиш ҳақида кенг маълумотлар олдик. Бундан буён ана шу сертификатларни олишга, маҳсулотларимизни Европа бозорларига олиб киришга ҳаракат қиламиз.
Мазмунли ва самарали ўтган ушбу мулоқот ишлаб чиқарувчиларга, айниқса, экспортёр корхоналарга маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда янги ташқи бозорларга чиқиш ҳақида кенг маълумотлар олиш имконини берди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото).
ЎзА мухбирлари