Қурилиш соҳасидаги баҳс: тадбиркор танқиди ва расмий идораларнинг муносабати
Яқинда қурилиш соҳасидаги тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот чоғида Усмонжон Абдусамадов ўзини бир нечта компания раҳбари сифатида таништириб, жамоатчилик эътиборини тортган баёнот билан чиқди ва кўп қаватли уй қурилиши учун рухсат олиш жараёнида 200 минг доллар пора талаб қилинишига ишора қилди.
Бу чиқиш ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлиб, қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан турли шубҳа ва салбий фикрларни келтириб чиқарди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳам воқеага муносабат билдириб, Ички ишлар вазирлигига расмий мурожаат йўллади.
Баёнотда таъкидланишича, соҳадаги барча рухсат ва тўлов жараёнлари қатъий равишда электрон тартибда амалга оширилади ва ортиқча маблағ талаб қилинишига мутлақо йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, вазирлик қоидалар аниқ белгилаб қўйилгани, аризалар фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиниши, тадбиркор ва ваколатли идора вакили ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот бўлишига йўл қўйилмаслигини эслатди.
Шунингдек, вазирлик баёнотида келтирилишича, қурилиш учун рухсатнома олишдан то объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча босқичлар “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими орқали назорат қилинади. Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентларда белгиланган.
Бизнес-омбудсмани ҳам ўз позициясини билдирди
Бўлиб ўтаётган гап-сўзлар юзасидан бугун (21 сентябрь куни) Бизнес-омбудсмани ҳам ўз муносабатини билдирди ва воқеа назоратга олинганини маълум қилди.
Унга кўра, тадбиркор ўз танқидий фикри учун жазога тортилиши мумкин эмас.
“Тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорга нисбатан таъқиб сифатида баҳоланади. Ҳар бир тадбиркорнинг эркин фаолият юритиши ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши қонун билан кафолатланган.
Шу боис, тадбиркорлар дуч келган муаммоларни ҳал этиш Бизнес-омбудсманнинг устувор вазифаси саналади.”, — дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, Бизнес-омбудсман барча давлат идораларини тадбиркорларнинг фикрларини эшитишга ва соҳа тараққиёти учун биргаликда амалий ечимлар излашга чақирди.
М.Эшмирзаева, ЎзА