Тадбиркор манфаати ҳимояда
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Бизнес-омбудсман институти тадбиркорлар ҳуқуқларини тиклаш, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади. Бухоро вилоятида фаолият юритувчи бир корхона мисолида мазкур тизимнинг самараси яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Жумладан, “I.S.” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятида қўлланилган йирик миқдордаги молиявий жаримани бекор қилиш бўйича амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Мазкур ҳолат атрофлича ўрганилиб, қонунийлик нуқтаи назаридан таҳлил қилинди.
Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси томонидан “сифатсиз маҳсулот сотилганлиги” ҳақидаги хабар асосида текширув ўтказилган. Бироқ текширув жараёнида инспекторлар ўз ваколат доирасидан четга чиққан. Хусусан, улар корхонадаги автотарози белгиланган тартибда қиёсловдан ўтмаганини асос қилиб, МЧЖга 6,1 миллиард сўм миқдорида молиявий жарима қўллашган.
Аслида эса, текширув жараёнида аниқланганидек, маҳсулот сотишда мазкур автотарозидан умуман фойдаланилмаган. Демак, қўлланилган жарима ҳуқуқий жиҳатдан асоссиз бўлган.
Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан тадбиркор манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниб, иш қайта кўриб чиқилди. Натижада Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2026 йил 8 апрелдаги қарорига мувофиқ, жарима қўллаш ҳақидаги барча ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилиб, бекор қилинди.
Шу билан бирга, текширув давомида йўл қўйилган қонунбузилишлар учун айбдор мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу эса қонун устуворлиги таъминланиши ва ҳар қандай асоссиз қарорлар учун жавобгарлик муқаррар эканини яна бир бор кўрсатди.
Мазкур ҳолат тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинаётганини, адолатли суд тизими орқали ҳақиқат тикланишини яққол намоён этади. Шунингдек, назорат органлари фаолиятида қонунийлик ва масъулиятни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.