Тадбиркор маҳсулотини жаҳон бозорига қандай олиб чиқади? (+Видео)
Маҳсулот ишлаб чиқарилди. Энди уни қаерга сотиш керак?
Айниқса, жаҳон бозорига чиқишни мақсад қилган тадбиркор учун бу саволнинг жавоби маҳсулотнинг ўзи каби муҳим. Чунки хорижий бозорда харидорни топишнинг ўзи етарли эмас — маҳсулот ўша давлатнинг сифати, хавфсизлиги ва бошқа талабларига ҳам жавоб бериши керак.
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бошқарма бошлиғи Асқарали Асқаровнинг таъкидлашича, экспортни режалаштираётган тадбиркор биринчи навбатда қайси бозорга чиқмоқчи эканини аниқлаб, шу давлат талабларини ўрганиши зарур.
— Тадбиркор маҳсулот ишлаб чиқаришдан олдин уни қайси бозорга сотиш имконияти борлигини кўриб чиқиши керак. Бугун маҳсулот ишлаб чиқариб, кейин бозор излашдан кўра, аввал бозор талабини ўрганиб, шунга мос маҳсулот тайёрлаш муҳим.
Айниқса, халқаро сертификатлар масаласига эътибор қаратиш керак. Тадбиркорнинг маҳсулоти тайёр бўлиши мумкин, аммо у экспорт қилмоқчи бўлган давлатда талаб этиладиган сертификатга эга бўлмаса, маҳсулотни бозорга олиб киришда қийинчилик юзага келади.
Шунинг учун халқаро сертификат олишни харидор талаб қилган пайтга қолдирмаслик керак. Сертификатлаш жараёни маҳсулотни текшириш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва муайян вақтни талаб қилади. Тадбиркор экспорт режасини тузиш билан бирга, қайси сертификатлар зарурлигини ҳам олдиндан аниқлаб олса, ташқи бозорга чиқиш имконияти анча кенгаяди.
Бу борада тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш имкониятлари мавжуд. Стандартлар институти мутахассислари тадбиркорларга бепул маслаҳат бериб, улар чиқишни режалаштираётган давлат талабларини ўрганишда кўмаклашади. Зарур ҳолларда мутахассислар ҳудудларга чиқиб, корхоналар фаолиятини ўрганади ва маҳсулотга мос халқаро стандартлар бўйича тавсиялар беради.
Масалан, тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига чиқаришда инсон саломатлиги ва маҳсулот хавфсизлигига қўйиладиган талаблар муҳим. Маҳсулотнинг инсон саломатлигига зарар етказмаслиги, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари белгиланган стандартларга мос бўлиши керак.
Бундан ташқари, болалар меҳнатидан фойдаланмаслик, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш каби ижтимоий талаблар ҳам мавжуд. Шу сабабли тўқимачилик соҳасида SEDEX, WRAP, BSCI, Better Cotton каби халқаро стандарт ва сертификатларга талаб бор.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда эса GlobalG.A.P., органик маҳсулотлар учун тегишли стандартлар, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ISO, BRC каби стандартлар муҳим аҳамиятга эга.
Тадбиркор қайси давлатга экспорт қилмоқчи бўлса, ўша давлатнинг талабини олдиндан ўрганиши керак. Бизда бунинг учун мутахассислар бор. Улар тадбиркорга қайси сертификат зарурлиги, қандай талаблар мавжудлиги бўйича маълумот беради. Бу эса тадбиркорнинг вақт ва маблағини тежашига ёрдам беради.
Халқаро сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатлар ҳам тадбиркорлар учун маълум молиявий юк бўлиши мумкин. Шу боис бу йўналишда давлат томонидан қатор имтиёз ва қўллаб-қувватлаш механизмлари яратилган.
Демак, маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқиш фақат уни ишлаб чиқариш билан тугамайди. Бозорни танлаш, унинг талабларини ўрганиш, халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этиш, маҳсулот сифатини таъминлаш — экспортга олиб борувчи муҳим босқичлардир.
Бугун тўқимачилик соҳасида 300 дан ортиқ ташкилотда 600 дан зиёд стандарт жорий этилгани ҳам тадбиркорларнинг ташқи бозор талабларига мослашиб бораётганини кўрсатади.
Н. Раҳмонова, Н. Абдувоитов (видео), С. Обиджонов (монтаж), ЎзА