Тадбиркор фойдасига 1,3 миллиард сўм ундирилди
Қарзни ихтиёрий тўлаш учун берилган муддат натижа бермади. Шундан сўнг мажбурий ижро чоралари ишга солиниб, тадбиркорлик субъекти фойдасига қарийб 1,3 миллиард сўм тўлиқ ундирилди.
Суд қарори қабул қилиниши — ишнинг бир босқичи, унинг амалда ижро этилиши эса янада муҳим жараён. Сирдарё туманида «E.G.A» МЧЖ фойдасига ундирилиши лозим бўлган йирик миқдордаги қарздорлик ҳам давлат ижрочиларининг саъй-ҳаракатлари натижасида тўлиқ қопланди.
Суд қарорига асосан, қарздор корхонадан ундирувчи «E.G.A» МЧЖ фойдасига 1 миллиард 298 миллион сўм ундириш белгиланган эди. Бироқ қарздор корхона белгиланган муддатда мажбуриятни ихтиёрий бажармади.
Шундан кейин Мажбурий ижро бюроси Сирдарё туман бўлими давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилди. Қарздор корхонанинг банк ҳисобварақларига банд солинди, унга тегишли мол-мулклар хатланди. Қўлланилган чоралар қарздорликни ундириш жараёнида муҳим аҳамият касб этди.
Натижа эса аниқ: 1 миллиард 298 миллион сўм қарздорлик тўлиқ ундирилиб, ундирувчи корхонанинг банк ҳисобварағига ўтказилди. Шу тариқа, тадбиркорнинг қонуний талаби қаноатлантирилиб, суд қарори ижроси амалда таъминланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири