2025 йил январь ойида “Ҳудудгазтаъминот“ АЖ томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 2 миллиард 514 миллион 934 минг метр куб табиий газ етказиб берилди. Шундан аҳолига 1 миллиард 762 миллион 727 минг метр куб, улгуржи истеъмолчиларга 742 миллион 425 минг метр куб, шу жумладан, иссиқлик таъминоти корхоналарига 148 миллион 304 минг метр куб, ижтимоий соҳа объектларига 30 миллион 125 минг метр куб, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 255 миллион 507 минг метр куб табиий газ йўналтирилди.

Мазкур даврда 45 минг 357 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказилган. Шунингдек, узоқ ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига ҳам суюлтирилган газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмоқда. Қиш мавсумида истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида 25 минг 900 та газ баллони ва 3,3 минг тонна суюлтирилган газ захира қилинган.
“Ҳудудгазтаъминот“ АЖ ахборот хизмати раҳбари Дилором Жуманиёзованинг бугун АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилишича, январь ойининг дастлабки 24 кунида газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 2189 та ҳолат аниқланди. Ушбу ҳолатларда жами 18,3 миллион метр куб газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 42 миллиард 400 миллион сўм зарар келтирилгани маълум қилинди.
Шунингдек, суюлтирилган газ таъминотида 21 та ноқонуний “бункер” аниқланиб, уларда 2091 та газ баллони сақлангани фош этилди. Натижада аҳолига йўналтирилиши лозим бўлган 11,2 минг тонна суюлтирилган газнинг талон-торож қилиниши олди олинди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда газ тақсимлаш тизимини модернизация қилиш доирасида янги технологиялар жорий этиляпти. Замонавий телеметрия тизими орқали газ тартиблаш пунктларини масофадан назорат қилиш ва бошқариш имконияти яратилган. Бу истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА