“Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман-шаҳар газ таъминоти бўлими ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда вилоят бўйлаб табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Қибрай туманининг “Салар” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган нотурар бино хатловдан ўтказилганда, фуқаро Ш. А. кафел ишлаб чиқариш цехи ташкил этиб, лойиҳа-техник ҳужжатларисиз табиий газ тармоғига ноқонуний уланиб олгани маълум бўлди. “E-maʼmuriy” дастури орқали ҳисоб-китоб қилинганида газ таъминоти корхонасига 955 миллион 583 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.
Шунингдек, Оққўрғон тумани Уста Нурмат МФЙда жойлашган “Р. Қ.” МЧЖга қарашли новвойхонада ҳам газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Истеъмолчи табиий газ тармоғига тегишли лойиҳа-техник ҳужжатларисиз уланиб, “зангори ёқилғи”дан ўғринча фойдаланиб келгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича 946 миллион 80 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Мазкур аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларига топширилди. Жойларда бу каби назорат тадбирлари давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.