🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

“Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир!”

“Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир!”
Жамият
Танлаш
12:35 / 10.10.2025

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида “Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир!” шиори остида экологик маърифий тадбир ҳамда фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ўзбекистон Экологик, Миллий тикланиш партиялари вилоят кенгашлари ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда соҳалар мутахассислари, мусаввир ва фотоижодкорлар, партиялар фаоллари, тиббиёт ходимлари, “Ёш экологлар” ҳаракати аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Иштирокчилар “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ташаббуси билан Хонобод шаҳар ҳокимлиги майдонида ташкил этилган она табиатни асраб-авайлаш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш мавзусидаги фото ҳамда тасвирий санъат асарлари кўргазмаси билан танишди. 

Асосий тадбир шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида мамлакатимиз мадҳияси садолари билан бошланди. Дастлаб мавзу доирасида тайёрланган видеофильм намойиш этилди. 

Тадбирда сўз олган Хонобод шаҳар ҳокими Элёрбек Холмирзаев, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши раиси Хуршидбек Юсупов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда она табиатни асраб-авайлаш, экология, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг экологик билимларини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди, тадбирнинг мақсад, мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ушбу йўналишда давлат органларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини ҳамда фуқаролар экологик билимларини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил 15 майда давлатимиз раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Тадбирда мазкур концепцияда белгиланган вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди. 

– Бугунги кунда инсоният олдида иккита катта таҳдид турибди,  – дейди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов. – Биринчиси турли урушларнинг келиб чиқиши бўлса, иккинчиси экологик, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолардир. Шу боис ҳам уруш хавфининг олдини олиш,  табиатни асраш, экологик мувозанатни сақлаш масаласи ҳар бир кишининг ҳам фуқаролик, ҳам маънавий бурчига айланиши керак. 

Қолаверса, бу борада табиат ва шахс муносабатларида аҳолининг атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини бойитиш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида табиатга муҳаббат, қонунларга риоя этиш тушунчасини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтиришда тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, бу борада оммавий ахборот воситалари ролини ҳамда аҳоли ва мансабдор шахсларнинг бурч ва мажбуриятларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир. 

Тадбирда мутахассислар, иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, айниқса, боғча, мактабларда экологик маданиятни шакллантириш, юксалтиришга қаратилган билимларни мунтазам бериб бориш, тиббиёт ходимлари, патронаж ҳамширалар, волонтёрлар, “Ёш экологлар” ҳаракати аъзолари орқали аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

“Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир!” мавзусидаги экологик маърифий тадбирлар, фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаси вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, шунингдек, таълим муассасаларида ўтказилиши белгиланган.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА

Муаллиф: faxriddinubaydullayev