“Табиат – жамият – инсон” экологик акцияси
Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясияда белгиланган устувор мақсадлар ва 5 асосий вазифа орасида сув ресурсларини сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу ҳужжат, жумладан, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экииш ва республикамизда яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, экиладиган ҳар бир дарахтни парваришлаш, яшил майдонларни кенгайтиришни назарда тутади.
Президентимиз 2026йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилгани Янги Ўзбекистонда она табиатни асраб-авайлаш, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодасидир. Бундан 4 йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси жорий этилиб, халқимизнинг азалий қадрияти ҳисобланган бўш ерларга кўчат экиш, боғ-роғлар барпо этиш анъанаси қайта тикланди.

Шунингдек, яқинда Давлатимиз раҳбари маҳалла раислари, отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар вакиллари, барча фаолларга мурожаат қилиб, жойларда миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизни янада кенг тарғиб қилиш, маҳалла аҳолисини ҳамжиҳатлик ва аҳиллик руҳида эзгу ишларга чорлаш, клублар, жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда ёшларга бош бўлишга чақирди.
– Зеро, яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак демак! – деди Президентимиз. – Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат – минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк”, деб бежиз айтилмаган. Бундай ҳикматли сўзларнинг аҳамияти ҳозир ҳар қачонгидан долзарб эканини барчамиз кундалик турмушимизда ҳис этиб турибмиз.

Айни муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, Экологик ҳаракат фаоллари, Олий таълим муассасалари талабалари билан биргаликда Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги “Армуғон” ва “Бошлиқ” маҳаллаларида “Табиат – жамият – инсон” экологик акциясини ўтказди.
Тадбир доирасида икки маҳалла ҳудудида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан тақдим этилган 40 туп манзарали кўчат экилди.

Марказ жамоаси ҳар йили шундай ташаббусларни мунтазам амалга ошириб, яшил ҳудудларни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Навбатдаги тадбир орқали иштирокчиларнинг экологик билими ва маданиятини юксалтириш, уларнинг атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш борасидаги масъулиятини янада ошириш, маънавий қадриятларимиз асосида ёш авлод онгига табиатни озода тутиш ва асраш каби тушунчаларни сингдириш мақсад қилинди.
Таъкидлаш жоиз, экология ва халқ дипломатияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлидаги глобал ечимларга таъсир қилувчи уйғун механизмга айланиши зарур. Шундагина биргаликдаги ўзаро таъсир орқали табиатдаги глобал муаммоларни ҳал қилишга салмоқли ҳисса қўшиш имкони яратилади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.