“Қизлар академияси”нинг янги иловаси тақдим этилди
“Қизлар академияси” - барча ёшдаги аёл-қизлар учун мутахассислар томонидан бепул ўқув курсларни ўз ичида жамлаган интерактив платформа ҳисобланади.
Платформада саломатлик, замонавий касблар, ҳунармандчилик, таълим, тадбиркорлик, психологик ҳамда ҳуқуқий модуллар доирасида бошланғич даражадан ўрганишга мўлжалланган дарсликлар мавжуд.
Ёшлар ишлари агентлиги маълумотига кўра, “Қизлар академияси” иловасининг янги версияси тақдим этилди.
Илованинг интерфейси ва имкониятлари янада жозибадор, қулай ва қизиқарли ҳолатга келтирилди.
Хусусан, янги версияда қуйидаги бўлимлар бутунлай янгиланди. Жумладан, рўйхатдан ўтиш, логин, асосий саҳифа ҳамда шахсий профил кўриниши ўзгарди. Курслар, видео плаер, тестлар ва фойдаланувчи қатнашаётган курслар саҳифалари янгиланди.
Шунингдек, пешқадамлар жадвали, вакансиялар, сертификатлар ҳамда билдиришномалар тизими ҳамда “Биз ҳақимизда” ва бошқа барча ёрдамчи саҳифалар қулай ва замонавий тарзда ўзгартирилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА