Табиат яратган сирли олам
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида, Қорамой шаҳри яқинида табиатнинг ноёб мўъжизаларидан бири – Урхэ манзили жойлашган. Бу ерга қадам қўйган инсон ўзини гўё бошқа сайёрага тушиб қолгандек ҳис этади. Бир-биридан ғаройиб шаклдаги улкан қоялар, баланд тош миноралар, қадимий қалъаларни эслатувчи тепаликлар ва гўё моҳир усталар қўли билан йўнилгандек кўринадиган тош шакллар ҳудудга сирли ва бетакрор қиёфа бағишлайди. Бежиз бу маскан «Жинлар шаҳри» деб аталмайди.
Хитойликлар уни «Шицзе Могуичэн», яъни «Дунё жинлар шаҳри» деб аташади. Яна бир номи – «Шамоллар шаҳри». Бу номлар бежиз берилмаган. Чунки бу ердаги ғаройиб манзаралар миллионлаб йиллар давомида табиатнинг ўзи томонидан яратилган.
Урхэ «Жинлар шаҳри» Қорамой шаҳрининг Урхэ туманида, Жунгария ҳавзасининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. У тахминан 10 квадрат километр майдонни эгаллайди.
Геологик тадқиқотларга кўра, бу ҳудуднинг қадимги тарихи бутунлай бошқача бўлган. Миллионлаб йиллар муқаддам бу ерларда сув ҳавзалари мавжуд бўлиб, кейинчалик ер қаъридаги тектоник ўзгаришлар, иқлимнинг алмашиниши, сув ва шамол эрозияси натижасида бугунги ғаройиб рельеф шаклланган.

Табиатнинг узоқ давом этган ана шу «ижодий жараёни» натижасида юмшоқроқ тоғ жинслари емирилиб, қаттиқ қатламлар сақланиб қолган. Шамол ва қум заррачалари эса уларни йиллар давомида силлиқлаб, турли шаклларга киритган.
Урхэдаги тошли тепаликлар айрим жойларда қалъа ва саройларга, бошқа манзилларда ҳайвонлар, қушлар ёки инсон қиёфаларига ўхшаб кетади. Гўё табиат бу ерда улкан ҳайкалтарошлик устахонасини ташкил этгану, ҳар бир тошга алоҳида қиёфа берган.

«Жинлар шаҳри»нинг яна бир ўзига хос хусусияти бу ердаги шамоллардир.
Шамол тош тепаликлар орасидан ўтиб, тор даралар ва ёриқларда ғалати товушлар ҳосил қилади. Гоҳида бу овозлар ҳуштак чалинишига, гоҳида узоқдан эшитилаётган ҳайқириққа, баъзан эса ҳайвонларнинг увиллашига ўхшайди. Айниқса, кучли шамол пайтида бу товушлар бутун атрофга тарқалади. Қадимда бу ерлардан ўтган саёҳатчилар ва маҳаллий аҳоли учун бундай манзаралар ғоят сирли ва қўрқинчли туюлган. Шу тариқа «Жинлар шаҳри» номи кенг тарқалган. Аслида эса бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий ҳодиса йўқ. Бу – шамол, қум ва тошлар ўртасида миллионлаб йиллар давом этган табиий жараённинг натижаси. Бироқ бу манзарани ўз кўзингиз билан кўрганингизда, табиатнинг инсон тасаввуридан ҳам кучлироқ ижодкор эканига ишонч ҳосил қиласиз.

«Жинлар шаҳри» бўйлаб сайр қилар экансиз, ҳар бир бурилишда янги манзарага дуч келасиз. Бир тепалик қадимий қалъани, бошқаси баланд минорали саройни эслатади. Яна бир қоя улкан ҳайвоннинг қиёфасини намоён этади. Айрим тош шаклларини Миср эҳромлари ёки Шарқ меъморчилиги намуналарига қиёслаш мумкин. Албатта, булар инсон қўли билан бунёд этилган иншоотлар эмас. Аммо уларнинг табиий шакллари, қатламлари ва бир-бирига уйғун жойлашуви кишини ҳайратга солади. Айниқса, қуёш ботиш арафасида бу ернинг манзараси бутунлай ўзгаради. Қизғиш, сарғиш ва қўнғир рангларга бурканган тошлар узун соялар ташлайди. Қуёш нурлари қояларнинг ҳар бир қатламини алоҳида ёритиб, уларга янада сирли тус беради. Шу боис ҳам сураткаш, табиатшунос ва саёҳатчилар учун бу масканнинг жозибаси беқиёс.

Урхэнинг ноёб манзаралари кино санъати ва тасвирий ижод вакилларини ҳам ўзига жалб этиб келади. Бу ҳудудда бир қатор кино ва телевизион лойиҳалар учун тасвирга олиш ишлари амалга оширилган. Бунинг сабаби тушунарли: табиатнинг ўзи яратган бундай декорацияларни инсон қўли билан такрорлаш осон эмас.
Бугун Урхэ «Жинлар шаҳри» нафақат Хитойнинг машҳур сайёҳлик масканларидан бири, балки геология ва табиатшунослик соҳасидаги мутахассислар учун ҳам қизиқарли тадқиқот ҳудудидир.
Ўзбекистонда ҳам табиатнинг ноёб геологик ёдгорликлари, тоғ даралари, ғорлар, қоятошлар ва саҳро манзаралари кўп. Қорамой тажрибаси ана шундай масканларни илмий асосда ўрганиш, уларни сайёҳлик йўналишларига киритиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида ҳам қизиқиш уйғотади.

Урхэ «Жинлар шаҳри»га саёҳат инсонни табиат билан юзма-юз қолдиради. Бу ерда на муҳташам бинолар, на инсон қўли билан яратилган ҳайкаллар бор. Аммо миллионлаб йиллик табиий жараёнлар яратган манзаралар ҳар қандай меъморий иншоотдан кам эмас. Қоялар сукути, шамоллар садоси, чексиз саҳро ва қуёш ботишидаги ранглар уйғунлиги кишини ўйга толдиради. Эҳтимол, бу масканнинг энг катта мўъжизаси ҳам шундадир: инсон табиатни ўзгартиришга қодир, аммо табиатнинг ўзи яратадиган мўъжизаларни такрорлашга қодир эмас.
Урхэ ана шу ҳақиқатнинг тошларда муҳрланган бетакрор тимсолидир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони.