Ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Бугунги глобаллашув шароитида ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сураётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар бу борада янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Айни йўналишда Бухоро вилоятида ҳам хорижий ҳудудлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ва янги иқтисодий шерикларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг Москва шаҳар думаси раиси, “Ягона Россия” партияси фракцияси раҳбари Алексей Шапошников бошчилигидаги делегация билан учрашуви ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Учрашувда Ботир Зарипов меҳмонларни қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорога ташрифи билан қутлар экан, икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Шунингдек, жорий йил май ойида Бухорода ўтказилган II Осиё хотин-қизлари форумида Москва шаҳар думаси раиси ўринбосари Людмила Гусеванинг иштирокини ташкил этишда кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирилди. Бу каби халқаро тадбирлар нафақат маданий ва ижтимоий мулоқотни кенгайтиради, балки ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик учун ҳам янги мулоқот майдонини яратади.
Алексей Шапошников Бухорода бўлиб турганидан мамнунлигини билдириб, ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳудудлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилашдан иборат эканини қайд этди.
Мулоқот давомида Бухоро вилояти ва Москва шаҳри ўртасидаги муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, туризм соҳасида тажриба алмашиш ҳамда маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, икки ҳудуд вакиллари иштирокида бизнес учрашувлар, маданий тадбирлар ва ўзаро ташрифларни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди. Зеро, бундай мулоқотларнинг самараси фақат келишувлар билан эмас, балки уларнинг натижасида янги инвестициявий лойиҳалар, ишбилармонлик алоқалари, сайёҳлар оқими ва маданий ҳамкорлик ташаббуслари пайдо бўлиши билан белгиланади.
Томонлар ҳудудлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва янги ҳамкорлик ташаббусларини амалий натижалар билан бойитиш муҳимлигини таъкидладилар.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишдилар.
Мазкур учрашув Бухоро вилоятининг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, Москва шаҳри билан мавжуд алоқаларни янги мазмун билан бойитиш ва ўзаро манфаатли шериклик учун истиқболли йўналишларни белгилаш йўлидаги муҳим мулоқот бўлди. Энг муҳими, бундай алоқалар ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини бирлаштириш, янги имкониятларни ишга солиш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган амалий натижаларга эришиш учун замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири