Табиат билан тиллашманг, оқибати ўйлантиради
Сурхондарё вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси экополиция ходимлари теварак-атрофга турли даражада зарар етказишга уринаётган шахсларни аниқлаш учун тезкор рейд тадбирлари ўтказиб, табиат кушандаларига ҳуқуқбузарлиги учун тегишли жазо чораларини қўлламоқда.
Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, бошқарманинг Шўрчи туман экополиция бўлими ходимлари экологик қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаб, табиатга зарар етказишга мойил ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган навбатдаги рейд чоғида дарахт кушандасининг қилмишларини фош этган.
Ўсувчанлигини йўқотмаган дарахтларга беаёв болта уриб, кесиб ташлаган шўрчилик Толибжон Шокиров (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг бу ҳуқуқбузарлиги учун унга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 13 миллион 200 минг сўм жарима жазоси қўлланилди.

Ангор тумани экополиция бўлими ходимлари бу сафарги рейд тадбирлари чоғида Деҳқонбирлашув маҳалласи ҳудудидан ноқонуний тупроқ қазиб олаётган ангорлик Абдунаби Болтаевга дуч келди. Ғайриқонуний ҳаракатлари билан ер майдонига етказган зарари учун ҳуқуқбузар 4 миллион 400 минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.

Вилоятда табиат жонкуярларининг назорат тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири