Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича заём битими имзоланди
Япония ташқи ишлар вазирининг парламент ўринбосари Кэнтаро Соноура раҳбарлигидаги ҳукумат делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида шу йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини биргаликда молиялаштириш тўғрисида заём битими имзоланди.
Япония ташқи ишлар вазирининг парламент ўринбосари Кэнтаро Соноура раҳбарлигидаги ҳукумат делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида шу йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини биргаликда молиялаштириш тўғрисида заём битими имзоланди.Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини ривожлантириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган узоқ муддатли дастурнинг таркибий қисми бўлиб, унда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳар бири 450 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмадан иборат умумий қуввати 900 МВт бўлган янги буғ-газ электр станциясини барпо этиш кўзда тутилган.
Тўрақўрғон ИЭС қурилиши лойиҳаси доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) 71,8 миллиард япон иенаси миқдорида узоқ муддатли имтиёзли кредит тақдим этмоқда. Бу 704 миллион АҚШ долларига тенгдир. Кредит йиллик 0,3 фоиз ставкаси билан 40 йилга, шу жумладан, 10 йиллик имтиёзли муддатга берилмоқда.
Заём битимини Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.Азимов, Япония томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти К.Янагисава имзолади.
Тўрақўрғон ИЭС йилига 6,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу Фарғона водийсида электр энергиясига ортиб бораётган талабни, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни таъминлаш имконини беради.
Электр энергияси ишлаб чиқаришда энг илғор технологиялар қўлланилади. Бунда юқори технологияли буғ-газ ва газ турбинаси қурилмаларидан фойдаланилади. Бу станциянинг фойдали иш коэффицентини 60 фоизгача таъминлаш, шунингдек, ёқилғи истеъмолини фаолият кўрсатаётган қувватларга нисбатан қарийб икки баробар камайтириш имконини беради.
Мазкур янги битимнинг имзоланиши электр энергияси ишлаб чиқарадиган энг янги технологияларни жорий этиш, энергия таъминоти салоҳиятини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш орқали энергетика тармоғини модернизация қилиш бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги узоқ муддатли шерикликнинг яна бир ёрқин далилидир.
Айни пайтда JICA молиявий кўмагида Қашқадарё вилоятидаги Таллимаржон ИЭСда умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси барпо этилмоқда, Навоий ИЭСда 450 МВт қувватли иккинчи буғ-газ қурилмаси лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Тошкент шаҳридаги 4-иссиқлик марказида 108 МВт қувватга эга когенерацион қурилмани жорий қилиш лойиҳаси тайёрланмоқда.
Шунингдек, JICA техник кўмагида Тошкент шаҳрида минтақада биринчи Буғ-газ ва газ турбинаси қурилмаларига хизмат кўрсатувчи мутахассислар тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилмоқда.