Назорат кучайтирилди
Аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш ва коммунал хизматлар сифатини ошириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, инсон қадрини улуғлаш ва одамларни рози қилишга қаратилган устувор вазифалар ижросида энергетика ресурсларини ўз вақтида етказиб бериш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Айниқса, куз-қиш мавсумида суюлтирилган газга бўлган эҳтиёж ортиши туфайли уни етказиб бериш жараёнларини аниқ режалаштириш, мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш ва таъминотда узилишларга йўл қўймасликни тақозо этади. Шу сабабли Бухоро вилоятида мавжуд 165 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчисини ўз вақтида ва барқарор таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Хусусан, “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида ташкил этилган “LPG Trade” ҳамда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ҳамкорлигида махсус штаб фаолияти ташкил этилди.
Мазкур штаб орқали суюлтирилган газ маҳсулотларини ҳудудларга етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга тарқатиш жараёнлари доимий назоратга олиниб, масъул ташкилотлар фаолияти ўзаро мувофиқлаштирилмоқда.

Штаб олдига газ маҳсулотларини ҳудудларга белгиланган муддатларда етказиш, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларининг эҳтиёжларини ўрганиш, таъминотдаги узилишларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш каби муҳим вазифалар қўйилган. Шунингдек, масъул ходимлар томонидан газ ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати, маҳсулотларни тақсимлаш ва манзилли етказиб бериш жараёнлари мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Бу эса таъминот занжирининг ҳар бир босқичида назоратни кучайтириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни тезкор бартараф этиш имконини бермоқда. Эътиборлиси шундаки, штаб фаолиятида фақат газ маҳсулотини етказиб бериш эмас, балки истеъмолчилар эҳтиёжини олдиндан ўрганиш, мурожаатларга жойида ечим топиш ва масъул ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Зеро, газ таъминотидаги барқарорлик нафақат етказиб берилаётган маҳсулот ҳажми, балки унинг ўз вақтида, белгиланган манзилга ва аҳоли эҳтиёжига мувофиқ етказилиши билан ҳам белгиланади. Шу маънода, махсус штаб фаолияти таъминот жараёнини тизимли бошқариш, масъулиятни ошириш ва истеъмолчилар манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Асосий мақсад — Бухоро вилоятидаги 165 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчисини барқарор таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва аҳоли хонадонларида энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишдан иборат.
Бу борада масъул ташкилотлар ҳамкорлигидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири