Россия Федерацияси Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев бошчилигидаги расмийлар ва тадбиркорлардан иборат делегация икки кунлик амалий ташриф билан бугун Фарғонага келди.

Эртага расмий учрашувлар доирасида Фарғона ва Свердловск вилоятлари раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлари бўлиб ўтади. Фарғона вилояти ҳамда Свердловск вилояти ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича битим имзоланади.

Свердловск делегацияси аъзолари бугунги ташриф дастурини "Ватанпарварлар боғи"да жойлашган Мотамсаро она ҳайкалини зиёрат қилиш билан бошлашди. Евгений Куйвашев Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Делегациянинг бошқа аъзолари ҳам ҳайкал пойига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.

Ураллик меҳмонлар Фарғона шаҳрида барпо этилаётган экошаҳар ҳудудида бўлиб, мажмуа қурилиш ишлари билан танишдилар. Массив ҳудудида ташкил этилган 70 гектарлик “Янги Ўзбекистон” боғида Евгений Куйвашев ва бошқа расмий меҳмонлар иштирокида кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди.

М.Сулаймонов, ЎзА