Наманган вилоятида энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларни сифатли, хавфсиз ва узлуксиз газ билан таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Шунингдек, табиий газ етиб бормаган ҳудудларда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йил сайин такомиллашмоқда.
Вилоятда жами 488 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари бўлиб, жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан уларга 38683,2 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Бу шаҳар ва туманлар кесимида олиб кўриладиган бўлса, энг кўп Наманган шаҳри (5613,5 тонна), Косонсой (3638,7 тонна), Тўрақўрғон (3518,1 тонна), Норин (3511,5 тонна) ва Уйчи (3298,3 тонна) туманлари ҳиссасига тўғри келади.
– Бугунги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида аҳолининг суюлтирилган газ билан бир маромда, тизимли ва адолатли таъминланаётгани қувонарли. Мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган имкониятлар ва мавжуд инфратузилма келажакда ҳам фуқаролар эҳтиёжини тўлиқ қондиришга замин яратади. Энг муҳими, олиб борилаётга саъй-ҳаракатлар инсонларнинг манфаатлари ва фаровон турмуш кечиришига хизмат қилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали матбуот котиби Насиба Абдуллаева.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.