Сувни биргаликда асраймиз!
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Ипак йўли инновациялар университетида “Сувни биргаликда асраймиз” шиори остида экологик тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда глобал миқёсда сув ресурсларига бўлган талабнинг ортиши, иқлим ўзгариши ва демографик босим сув таъминоти масаласини стратегик аҳамиятга эга муаммолар қаторига киритмоқда.
Айниқса, қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларда жойлашган давлатлар учун сув ресурсларини самарали бошқариш долзарб илмий-амалий вазифа сифатида намоён бўлмоқда.

Илмий ва статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича сув истеъмоли табиий қайта тикланиш суръатидан тезроқ ўсмоқда. Марказий Осиёда ҳам сув муаммоси долзарб ҳисобланади. Ўзбекистонда сув истеъмоли мавжуд ресурсларга нисбатан 123 фоизни ташкил этади.
Бу мамлакат ўз табиий сув захираларидан ортиқча фойдаланаётганини кўрсатади. Сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади, шу сабабли сувдан самарали фойдаланиш жуда муҳим.
Тадбир давомида талабалар ўртасида сув ресурсларига эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш, экологик маданиятни ошириш мақсадида тарғибот ишлари олиб борилди ҳамда махсус брендланган идишлар тарқатилди.

Мазкур ташаббус орқали талабалар сувни тежаш, исрофгарчиликнинг олдини олиш ва экологик масъулиятни кундалик ҳаётига татбиқ этишга ундалмоқда.
Сувни тежаш нафақат экология, балки иқтисодиётимиз учун ҳам муҳим.
Гулноза Бобоева,
ЎзА