Сув йўли — ризқ йўли
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, маҳалла ва қишлоқларида, корхона, ташкилот ва хўжаликларида, қўйингки ҳар бир гўшасида мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллигига тайёргарлик кўриш мақсадида эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик”да ободлаштириш, тозалаш, кўкаламзорлаштириш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Сув бор жойда ҳаёт бор, меҳнат бор, ризқ бор. Сувга эътибор бор жойда эса ободликнинг илдизи мустаҳкамланади.
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланмоқда. Айни шу улуғ сана арафасида юртимизнинг турли ҳудудларида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам бу жараённинг ўз манзараси, ўз меҳнати, ўз қаҳрамонлари бор.

Вилоят — 12 та туман ва Жиззах шаҳрини бирлаштирган катта меҳнат майдони. Ундаги 304 та маҳаллада ҳаётнинг минглаб ришталари бир-бирига туташиб кетган. Бу маҳаллалардаги далалар, боғлар, томорқалар ва фермер хўжаликлари учун сув оддий неъмат эмас — у меҳнатнинг натижаси, дастурхоннинг баракаси, хонадоннинг даромади билан чамбарчас боғлиқ.
Шу боис сув хўжалиги объектларини асраш, уларнинг атрофини озода тутиш, иншоотларни тартибга келтириш — фақат ташқи кўриниш масаласи эмас. Бу — сувга, меҳнатга ва инсон ризқига ҳурмат.

Бугун Жиззах бош насос станцияси ва сув хўжалиги объектларида олиб борилаётган ишлар ана шу маъно билан уйғунлашмоқда. Ҳудудлар чиқиндилардан тозаланмоқда, дарахт ва буталар парваришланмоқда, яшил майдонларга файз киритилмоқда, иншоотларнинг ташқи қиёфаси тартибга келтирилмоқда.
Бир қарашда оддийдек туюлган бу юмушлар ортида эса катта маъно бор. Чунки сув иншооти — дала билан инсон ўртасидаги кўринмас ришта. Насос станциясида ҳаракатга келган бир агрегатнинг садоси узоқдаги экин майдонидаги умидни уйғотади. Каналдан оққан сув эса деҳқоннинг меҳнатини ҳосилга улайди.
Шунинг учун ҳам сувчиларнинг бугунги меҳнатида байрамга тайёргарликдан кўра кенгроқ мазмун мужассам. Улар иншоотларни тозалаётганда юртнинг бир бурчагини тартибга келтираётир. Дарахтларга шакл бераётганда — муҳитга яшил жило қўшаётир. Сув йўллари атрофини обод қилаётганда эса — эртанги ҳосил, эртанги ризқ ва эртанги кун ҳақида ўйлаётир.

– Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти сув хўжалиги объектларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ташкил этилган, – деди Жиззах бош насос станцияси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фарҳод Норматов. – Унда тизим ходимлари фаол иштирок этмоқда. Асосий мақсадимиз сув хўжалиги объектларини тоза, обод ва саришта ҳолга келтириш, улуғ байрамни муносиб кутиб олиш билан бирга, сув иншоотларига бўлган масъулият ва эътиборни янада кучайтиришдан иборат.
Дарҳақиқат, “Долзарб 40 кунлик”нинг файзи ҳам ана шундай меҳнатда кўринади.
Мамлакат миқёсида эълон қилинган мазкур жараён ҳудудларни обод қилиш, аҳоли учун қулай муҳит яратиш, мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этишга қаратилган.

Жиззахда эса бу ҳаракат сув иншоотлари бўйлаб ўзгача бир маъно касб этмоқда. Чунки сувчилар яхши билади: сувнинг йўли тоза бўлса, унинг қадри баланд бўлади. Иншоот саришта бўлса, унга бўлган масъулият ҳам ортади. Атроф обод бўлса, меҳнатнинг ўзи ҳам кўзга янада яқин, дилга янада илиқ кўринади.
Бугун насос станциялари, каналлар ва бошқа сув хўжалиги объектларида кечаётган ободонлаштириш ишлари — байрам олдидан бажарилаётган оддий юмушлар эмас. Улар Мустақилликнинг 35 йиллига ўзига хос совғадир.

Зеро, Ватан ободлиги баъзан катта бинолардан эмас, бир ариқ бўйини тозалашдан, бир дарахтни асрашдан, бир сув иншоотига эътибор беришдан бошланади.
Ана шундай эзгу ҳаракатлар эса Истиқлолнинг 35 йиллигига яна бир ёрқин саҳифа бўлиб қўшилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири