Сув хўжалиги вазири фермер ва деҳқонлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Қишлоқ хўжалиги тараққиёти бевосита сув ресурсларидан қай даражада оқилона фойдаланишга боғлиқ. Шу боис бугунги кунда сувни тежаш, унинг исроф бўлишининг олдини олиш ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борадаги ишлар билан танишиш ҳамда жойлардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Қашқадарё вилоятининг Косон туманига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида дастлаб туманда сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди. Каналларни бетонлаштириш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам ахборот берилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, каналларни бетонлаштириш сувнинг сизиб кетиши ва бошқа йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш, шу орқали сувни истеъмолчиларга янада самарали етказиб бериш имконини яратади. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир томчи сувдан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.
Шундан кейин фермер ва деҳқонлар билан бевосита мулоқот ташкил этилди. Учрашувда улар ўзларини қийнаётган масалалар, хусусан, сув таъминоти билан боғлиқ муаммо ва таклифларини баён қилди.
Мурожаатларнинг ҳар бири алоҳида кўриб чиқилиб, масъулларга уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар топширилди. Айрим масалаларни жойида ўрганиш ва натижаси бўйича чора кўриш белгиланди.

Мулоқотда сув хўжалигидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, фермер ва деҳқонларнинг таклифларини инобатга олиш ҳамда уларнинг мурожаатларига тизимли ёндашиш зарурлигига урғу берилди.
Вазирлик ахборот хизмати маълум қилганидек, соҳани ривожлантириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича билдирилган таклифлар ўрганилиб, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА