“Сув хаби” инновацион маркази иш бошлади
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Бу йўналишда илм-фан ютуқларини амалиёт билан боғлаш ва рақамли бошқарув усулларини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар муҳим ўрин тутади.
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида Сув хўжалиги вазирлиги кўмагида ташкил этилган “Сув хаби” (Water Hub) инновацион маркази ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Марказнинг очилиш маросимида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, университет ректори Баҳодир Мирзаев ва бошқалар сўзга чиқиб, сув ресурсларини самарали бошқариш, соҳада замонавий технологиялардан фойдаланиш ва малакали мутахассислар тайёрлашнинг аҳамиятини таъкидлади.

Янги марказда сувни суғориш манбасидан экин майдонларигача етказиш жараёнларини рақамли бошқаришга қаратилган ечимлар ишлаб чиқилади ва такомиллаштирилади. Шунингдек, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда илғор технологиялардан фойдаланишни кенгайтиришга эътибор қаратилади.
Марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси билан боғлиқ ҳолда ташкил этилган. Фаолиятга хориждаги ватандош олимлар ва нуфузли хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиш ҳам режалаштирилган.

Тадбирда университетнинг фаол профессор-ўқитувчиларига ташаккурномалар топширилди. Шунингдек, 2026/2027 ўқув йили учун “Сув хўжалиги вазири стипендияси”га лойиқ кўрилган олти нафар иқтидорли талаба эълон қилинди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, аввалги йилларда мазкур стипендияни қўлга киритган 22 нафар талабанинг 12 нафари ушбу университетда таҳсил олади. Стипендия соҳибларига вазирлик ва унинг тизим ташкилотларида амалиёт ўташ, шунингдек, ишга жойлашиш имкониятлари яратилмоқда.
Янги марказ сув хўжалигида рақамли технологияларни ривожлантириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва соҳа мутахассисларининг салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА