Сув тежалмоқда – самарадорлик ошмоқда
Охирги йиллар мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалигида замонавий, тежамкор технологияларни жорий этиш устувор вазифалардан бирига айланган.
Бу борада Тошкент вилоятида ҳам амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2026 йилда вилоятда жами 41 минг 642 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Жумладан, 9 минг 700 гектарда томчилатиб, 3 минг гектарда ёмғирлатиб, 2 минг 200 гектарда эса дискрет усулда суғориш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, 6 минг 742 гектарда эгатларга плёнка тўшаб суғориш, 5 минг гектарда эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш ҳамда 15 минг гектар майдонда ерларни лазерли текислаш ишлари режага киритилган.


Мазкур вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Ҳозиргача ҳудудда жами 20 минг 754 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Хусусан, 1 минг 315 гектарда томчилатиб, 2 минг 500 гектарда ёмғирлатиб, 550 гектарда дискрет суғориш технологиялари татбиқ қилинди. Шунингдек, 1 минг 100 гектар майдонда эгилувчан қувурлар ва эгатларга плёнка тўшаш ишлари бажарилди. 15 минг 238 гектар ерда эса лазерли текислаш амалга оширилди.


Муҳими, бу каби замонавий технологиялар сув сарфини 30-40 фоизгача камайтириш, ҳосилдорликни эса сезиларли даражада ошириш имконини беряпти. Натижада фермер ва деҳқонларнинг даромади ортиб, ер унумдорлиги янада ортмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, томчилатиб суғориш усули ўсимлик илдизига сувни аниқ меъёрда етказиб беради. Ёмғирлатиб суғориш эса сув тақсимотини бир текис таъминлайди. Лазерли текислаш натижасида ер майдони мутаносиб ҳолатга келтирилиб, сувнинг исроф бўлиши олди олинади. Бу эса кам харажат билан юқори самарага эришиш имконини яратади.


– Асосийси, сув тежалмоқда, – дейди Чирчиқ –Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қурбонов. – Вилоятда амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар нафақат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, фермер ва деҳқонларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидия ва имтиёзлар ажратиш самарадорликни янада оширишга замин яратмоқда. Бу эзгу ишлар юртимизнинг аграр соҳадаги барқарор тараққиётини таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, жойларда ариқ ҳамда каналлар махсус техникалар ва ишчилар жалб этилган ҳолда босқичма-босқич тозаланмоқда. Мазкур ишлар сув ўтказувчанликни ошириш, суғориш тизими самарадорлигини таъминлаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА.