Сув соҳасини ривожлантириш бўйича экспертлар йиғини ўтказилди
Тошкент шаҳрида “Ўзбекистоннинг сув соҳасидаги ислоҳоти: натижа, чақириқ ва истиқбол” мавзусида Экспертлар кенгаши биринчи йиғилиши ўтказилди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбоев очиб, сўнгги йилларда айни йўналишда сезиларли натижаларга эришилганини таъкидлади. Қайд этилишича, давлат раҳбарининг бевосита эътибори туфайли соҳа тараққиёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Хусусан, Сув кодекси қабул қилиниб, 2030 йилгача ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилди.
– Айниқса, сув тежовчи технологияни жорий қилиш, рақамлаштириш ва суғориш тармоғидаги йўқотишни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, – деди Тимур Бутунбоев.
Шунингдек, нотиқ мамлакатимизнинг сув инқирозини юмшатиш борасидаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилаётганини билдирди. Жумладан, БМТ доирасида бу борадаги Ўзбекистон тажрибасига қизиқиш ортиб боряпти.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги директори Андрин Финк Марказий Осиё учун сув масаласи стратегик аҳамият касб этишига эътибор қаратаркан, иқлим ўзгариши шароитида сув танқислиги минтақадаги энг долзарб чақириқлардан бирига айланганига урғу берди. Шу боис Европанинг ушбу давлати кўп йилдан буён минтақамиздаги сув билан боғлиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда.
– Ўтган йил қабул қилинган янги Сув кодекси, гендер ҳаракат режаси, сув тежовчи технология ва рақамлаштириш йўналишларида биз донорлар билан яқин ҳамкорлик қиляпмиз, – деди Андрин Финк. – Экспертлар кенгаши доимий мулоқот ва мувофиқлаштириш майдонига айланиши лозим. Бундай формат нафақат муаммони муҳокама қилиш, балки Ўзбекистон учун амалий ечим ишлаб чиқишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро сув хўжалиги институти ва эксперт доира вакиллари ҳам иштирок этди.
Мунозараларда иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги ҳамда трансчегаравий муносабат билан боғлиқ замонавий чақириқлар янгича ёндашув, илмий асосланган қарорлар талаб қилаётгани таъкидланди.
Мулоқот якуни бўйича ишлаб чиқилган таклиф, тавсиялар келгусида соҳани ривожлантиришга қаратилган стратегик ва дастурий ҳужжатлар учун муҳим таҳлилий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
[gallery-30151]
Дилшод Ҳакимов,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА