Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида AKIS – Агрохизматлар марказида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Австралиянинг «Рубикон Water Pty Ltd” компанияси ўртасида Қашқадарё вилояти Қамаши – Миришкор каналида сув ресурсларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича умумий қиймати 18,2 миллиард сўмга тенг бўлган шартнома имзоланди.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида жами 6,5 минг гектар ерларнинг 43 миллион литрлик сувга бўлган эҳтиёжи қондирилади.
Мазкур шартнома доирасида Қашқадарё вилояти Қамаши– Миришкор каналининг 13,8 км узунликдаги қисмида жами 28 та автоматлаштирилган сувни бошқариш шлюзлари, ушбу каналдан фойдаланадиган фермер хўжаликлари учун ўлчов ускуналари, марказдан масофавий бошқарув дастурий таъминоти ва фермерлар учун мобил иловалар жорий этилади.
Ҳозирда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқлари эҳтиёжлари учун йилига 50-60 куб км сув ресурслари ишлатилади. Мазкур ресурсларнинг тахминан 90 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланади.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида сувни тежаш 70 фоизга, ирригация каналларидан сувни экинларга етказилиши 37 фоиздан 90 фоизгача ошиши ҳамда сувдан оқилона фойдаланишни 97 фоизгача етиши кутилмоқда.
Сув хўжалиги тармоғи элементларини он-лайн мониторинг қилиш ва бошқариш учун янги авлоддаги радиоқурилмалар базасида алоҳида SCADA телеметрия ва телебошқарув тизими ташкил этилади.
Австралиянинг «Рубикон Water Pty Ltd” компанияси сув хўжалигида рақамли технологияларини жорий этиш бўйича дунёнинг етакчи компанияларидан бири саналади. Компания томонидан дунёнинг 15 давлатларида 30 мингдан ортиқ автоматлаштирилган сувни бошқариш шлюзлар ўрнатилган бўлиб, ушбу шлюзлар жами 1,5 миллион гектар суғориладиган ерларни қамраб олган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА