Сурхондарё вилоятидаги тоғли рекрецион ҳудудлар, сув омборлари, дарё соҳиллари ва кўлларда табиатга зарар етказмаган ҳолда замонавий экотуризм масканлари барпо этилиб, уларнинг бой сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.
Қумқўрғон туманидаги “Жанубий Сурхон сув омбори” ҳудудида ҳам экотуризм мажмуасини бунёд этиш учун 15,7 гектар майдон ажратилган. Лойиҳа қиймати 140 миллиард сўмлик туристик мажмуани қуриш ва фойдаланишда табиий муҳитни авайлаб асраш, янги яшил майдонлар, экологик талабларга мос йўл ва инфратузилма ташкил этиш, оқова сувларни тозалаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.

Йирик сув омбори ҳудудида қад ростлайдиган замонавий экотуризм масканида коттеж уйлар, бассейн, автотураргоҳ ва автомобилларни ювиш шохобчалари, савдо, умумий овқатланиш ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, сув усти айвонлари қад ростлайди. Спорт ва болалар майдончалари, пиёдалар йўлаклари қурилади. Балиқчилик йўлга қўйилади. Атрофи яшил бойликлар билан кўкаламзорлаштирилади. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун барча қулайлик яратилади.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов сув омборида бўлиб, такомиллаштирилган лойиҳа тақдимоти билан танишди. Комплекс учун ажратилган майдонларни кўздан кечириб, қурилиш-ободонлаштириш ишларини бошлаб, тизимли, босқичма-босқич амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқларни берди.


Маълумотларга кўра, бундан 58 йил аввал ишга туширилган “Жанубий Сурхон” сув омбори денгиз сатхидан 408 метр баландликда жойлашган. Сув сатҳи юзаси 65 квадрат-километрни, тўла сув сиғими 800 миллион куб-метрни ташкил этади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири