Сув байрамидаги фожиа...
Таиландда Сонгкран байрами кунларида йўл-транспорт ҳодисалари кескин кўпайиб, уч кун ичида 191 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам жароҳатланди.
Ушбу мамлакатда ҳар йили нишонланадиган бу тадбир давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ вазият янада оғирлашди. Хабарларга кўра, сўнгги уч кун ичида 191 киши йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган.
Расмий маълумотда қайд этилишича, шу давр мобайнида жами 951 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада 911 фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Айниқса, байрамнинг илк кунида 51 нафар инсон ҳаётдан кўз юмгани ҳолат ўта жиддийлигини кўрсатди.
Мутахассислар фикрича, фожиаларнинг асосий сабаби тезликни меъёрдан ошириш (тахминан 42 фоиз) ва маст ҳолда транспорт бошқариш (27,4 фоиз)дир. Шунингдек, мотоцикл ҳайдовчилари муҳофаза дубулғалари киймаслиги ҳам ўлим ва жароҳатлар сони ортишига олиб келган.
Статистика йўл-транспорт ҳодисалари кўпроқ 15:00-18:00 оралиғида юз берганини исботлаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига мувофиқ, Таиланд йўл-транспорт ҳодисаси кўрсаткичи бўйича дунёдаги энг хавфли давлатлардан бири бўлиб, тегишли рейтингда 9-ўринни банд этган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА