Термизда “Сайлов-2024: Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларининг сайлов жараёнларини ёритиш масъулияти” мавзуига бағишланган минтақавий конференция бўлиб ўтмоқда.
Икки кун давом этадиган анжуманда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари оммавий ахборот воситалари вакиллари, эркин ижодкорлар, блогерлар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими, Сурхондарё вилоят ҳудудий сайлов комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда янгиланган сайлов қонунчилиги асосида мамлакатимизда муҳим сиёсий кампанияга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва уни оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалалари атрофлича муҳокама этилаётир.
Минтақавий конференцияда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Сурхондарё вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова, Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Воҳид Назаров сайлов тизимига киритилган ўзгаришлар, илк марта ўтказилаётган аралаш сайлов тизимининг моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Янги Конституциямизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилаётган сайловда “E-saylov” ахборот тизими орқали барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилгани ва бу билан сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ҳамда ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилгани қайд этилди. Конференцияда сайлов комиссияларининг асосий жиҳатлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш, сайлов комиссиялари бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга қўйилган талаблар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов комиссияларининг сайлов жараёни бошқа иштирокчилари – оммавий ахборот воситалари ходимлари, кузатувчилар, жамоат тартибини сақлашга масъул идоралар вакиллари билан ҳамкорлиги каби муҳим масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилмоқда.
– Бўлғуси сайлов мутлақо янгича тизим ва ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилаётир, – дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳиддин Абдураҳманов. – Айни пайтда бу кампанияга пухта ҳозирлик кўрилаётир. Минтақавий конференция қатнашчилари вилоятда сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиш баробарида миллий сайлов қонунчилигимизда юз берган янгиланишлар ҳамда муҳим сиёсий кампанияни очиқ, ошкора, холис ёритиш юзасидан билим ва кўникмаларини оширмоқда.
Анжуман қизғин давом этмоқда.
Конференция иштирокчилари, шунингдек, Термиз туманидаги Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида барпо этилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси, логистика маркази, Термиз туманида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ва бошқа ўзгаришлар билан яқиндан танишади. Буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири