Сурхондарёлик сувчилар янги маъмурий бинода иш бошлади
Термиз шаҳрида “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаб, сув таъминоти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соҳада меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Жанубдаги воҳада ҳам қиймати 2,847 триллион сўмлик “Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида Термиз шаҳри ва 11 тумандаги истеъмолчилар босқичма-босқич сифатли ичимлик суви билан таъминланмоқда. Мегалойиҳа тўлиқ ишга тушгач, вилоятдаги 302 та маҳаллада яшайдиган 1 миллион 300 мингдан ортиқ аҳолининг экологик тоза ичимлик сув таъминоти тубдан яхшиланади. Шунингдек, бошқа сифатли сув манбалари ҳисобидан ҳам истеъмолчиларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларида қурилиш ишлари давом этмоқда. Вилоятда кейинги тўққиз йилда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 47,1 фоиздан 68,5 фоизга етказилган бўлса, мазкур лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши бу кўрсаткични янада оширади.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги нишонланган йилда “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти учун барча шароитларга эга янги маъмурий бино бунёд этилиб, фойдаланишга топширилгани вилоятнинг сув таъминоти тизими фаолиятини янада самарали ташкил этиш ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароити яратишга хизмат қилади.
Қиймати 9 миллиард 500 миллион сўмлик уч қаватли бино замонавий усулда жиҳозланган.

Тадбир иштирокчилари янги маъмурий бинода яратилган қулайликлар билан танишди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири