Сурхондарё вилояти пахтакорлари мамлакатимизда биринчи бўлиб жорий йилги пахта топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди. Қабул шохобчаларига 275 минг 600 тоннадан ортиқ сифатли хом ашё топширилди.
Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда хорижнинг илғор тажрибалари қўлланилаётгани, пахтачилик-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиб, чигит экишдан ҳосил пишиб етилгунча ниҳоллар меҳр билан парваришланаётгани, деҳқон ва фермерлар учун соҳанинг даромад манбаига айлангани вилоят миришкорларининг ютуқларни йилдан-йилга мустаҳкамлашига қулай муҳит яратди. Жумладан, об-ҳаво ноқулай келган ва сув танқислиги кузатилган бу йилги шароитда ҳам вилоят пахтакорлари бой тажрибаларидан оқилона фойдаланиб, мўл ҳосил етиштирди.
Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш учун 1 минг 277 та терим отряди ташкил этилиб, терилган хом ашёни қабул шохобчаларига етказиб бериш учун 2 минг 10 та трактор ва 2 минг 965 та тиркама жалб этилди.
Шу йилдан воҳада хорижий тажриба асосида юқори ҳосилдор навларни парваришлаш синовдан ўтказилиб, айрим ер майдонларида гектарига 80 центнергача ҳосил олинди. Шунингдек, Хитойдан келтирилган 60 та замонавий пахта териш машиналари ҳосилни қисқа вақтда ва сифатли йиғиб олишда муҳим аҳамият касб этди. Фидокорона меҳнат, кластер ва фермер хўжаликларининг оқилона ёндашуви билан жанубдаги воҳа пахтачиликда яна мамлакатимизда биринчи ўринни эгаллади.
Вилоятнинг пахта режасини бажаришда фаол иштирок этган механизаторлар, сувчилар, теримчилар, барча меҳнаткашлар ва хўжалик раҳбарлари меҳнати муносиб рағбатлантирилади. Воҳада йиғим-терим қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА