ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги 972 та умумтаълим мактабида ҳам “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди. 2025-2026 ўқув йилида ушбу умумтаълим мактаблари 570 минг 357 нафар ўқувчини ўз бағрига олди. Улардан 58 минг 700 нафарга яқини биринчи синфга қабул қилинди.
Янги ўқув йилига бағишланган тантанали тадбир Термиз шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида ҳам тантанали ташкил этилди. Мактабнинг файзли ҳовлисига ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, устозлар, жамоатчилик вакиллари тўпланди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, мактаб жамоасини, ўқувчи ва ота-оналарни янги ўқув йили билан муборакбод этди.
“Биринчи қўнғироқ” жаранглаб, янги билимлар фасли бошланди.
Мазкур таълим даргоҳида 210 нафар ўқувчи мактаб остонасига илк қадам қўйди. Уларга 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси ва дарсликлар жамланган Президент совғаси топширилди.
Машғулотлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остидаги “Мустақиллик дарси” билан бошланди. Ўқувчиларга миллий ўзликни англаш, энг бебаҳо, энг азиз неъмат – мустақиллик ҳақида батафсил маълумот берилди. Ана шу улуғ неъматни асраб-авайлаш, қадрлаш юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчи экани кўргазмали воситалар, мазмунли маъруза, давра суҳбати, видеолавҳа ва савол-жавоблар орқали тушунтирилди.
[gallery-25125]
– Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий шароитда таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилган, - дейди мактаб директори Дилшода Тўраева. – Янги педагогик технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида ўқувчилар билимини бойитиш доимий эътиборимизда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА