Дунёда қадимги буддавийлик ўчоқларидан бири саналадиган Сурхон воҳаси Япон халқида катта қизиқиш уйғотиб келади. Ўзбек-япон археологларининг илмий тадқиқотлари ўтмишдаги Сурхондарё ҳудудида ривожланган Кушон подшолигининг давлат дини – буддавийлик Ўрта Осиё халқлари миллий қадрият ва анъаналари билан бойиган ҳолда Шарқий Туркистон, Хитой ва Корея орқали Япония оролларига тарқаганини аниқлаган. Миллий анъана ва қадриятларимизнинг яқинлиги ҳам давлатларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Бу ришталар кейинги йилларда янги босқичда бўй кўрсатиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, ҳудудларнинг савдо-иқтисодий, ижтимоий-инвестициявий салоҳиятини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир. Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Японияда бўлиб, қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришган эди. Жорий йилнинг январь ойида Япония консуллиги ва қатор йўналишда фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ҳамда инвесторлардан иборат делегация жанубдаги воҳада бўлиб, вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини ўрганди. Тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган буддавийлик ёдгорликлари билан танишди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни муҳокама этди.
Мазкур лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқариш учун Япониянинг “ARK educational system’s” компанияси бош директори ва вилоятда ташкил этилаётган Япон технология университети лойиҳаси асосчиси Генки Кажиура ҳамда Tanaka Medical Innovation Research Institute (TMI); NEXUS Co.Ltd раҳбари Коичи Танака бошчилигидаги делегация Термиз шаҳрида бўлиб, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан учрашди.
Қабул чоғида делегация аъзоларининг ўтган учрашувлардаги келишувлари, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятида Япон технология университети ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Термиз шаҳридаги “Машҳура” клиникаси билан ҳамкорликда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, шунингдек, VSee лойиҳасини нафақат, вилоятда балки юртимиздаги тиббиёт муассасаларига тарғиб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда вилоят раҳбари Япон технология университетини ташкил этиш ва бошқа истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан зарур кўмак кўрсатилишини маълум қилди. Икки томонлама келишувлар бўйича меморандум имзоланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири