Сурхондарёда сунъий интеллектнинг ҳарбий соҳадаги имкониятлари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлигида “Замонавий жанговар ҳаракатларда сунъий интеллектнинг тутган ўрни ва роли, муаммолари ва уларнинг ечимига доир таклиф ҳамда тавсиялар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Жанубий оператив қўмондонлик факультети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Термиз давлат университети, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳамда Термиз давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, тингловчилари ва мутахассислари иштирок этди.
[gallery-30672]
Конференцияда мамлакатимизда ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек, сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологияларини ҳарбий соҳага кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мутахассислар томонидан сунъий интеллект технологияларини жанговар ҳаракатларда қўллаш имкониятлари, соҳадаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимларига доир илмий ёндашувлар ҳамда амалий таклифлар тақдим этилди.
Тадбир давомида ҳарбий таълим ва илм-фан интеграциясини мустаҳкамлаш, инновацион технологияларни амалиётга кенг жорий этиш ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА