Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари суд қарорларига асосан юртимиз ҳудудига фуқаролар ва айрим тадбиркорлар ноқонуний олиб кирган, тегишли ҳужжат ҳамда рухсати мавжуд бўлмаган маҳсулотларни йўқ қилмоқда.
Навбатдаги ана шундай тадбирда Термиз тумани Каттақум массивидаги махсус полигонда жиноят ишлари бўйича судларнинг ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш учун Бюронинг вилоят бошқармаси ҳамкор ташкилотлар ва холислар иштирокида 10 турдаги 337 миллион сўмлик истеъмолга яроқсиз дори воситалари, 30 дона алькогол ва белгиланган тартибга кўра акциз маркаланмаган 10 қути тамаки маҳсулотини зарарсизлантирди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида МИБ вилоят бошқармаси, туман, шаҳар ҳудудий бўлимлари тегишли тартибда мазкур тоифадаги 1 миллиард 912 миллион 506 минг сўмлик истеъмолга яроқсиз товар-моддий бойликларни йўқ қилди. Зарарсизлантирилган маҳсулотларнинг 469 миллион 300 минг сўмлиги оргтехника, 988 миллион 378 минг сўмлиги алкоголь маҳсулотлари, 414 миллион 527 минг сўмлиги тамаки, 644 минг сўмлиги озиқ-овқат товарлари, 377 миллион 856 минг сўмлиги бошқа турдаги истеъмолга яроқсиз товар-моддий бойликлардир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, давлат даромадига ўтказилиши белгиланган мол-мулкларнинг арзонлаштирилган савдо дўконлари орқали сотилишидан тушган маблағнинг 679 миллион 731 минг сўми “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига ўтказиб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА