Президент топшириғи – амалда
Термиз шаҳридаги “Тинчлик” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида “саноат ипотекаси” тамойили асосида тайёр биноларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ёш тадбиркорлар лойиҳаларининг ишга туширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Президентимиз ўтган йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳридаги “Тинчлик” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида “саноат ипотекаси” тамойили асосида лойиҳалар ташкил этиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш учун саноат зонасининг икки гектар ер майдонида "саноат ипотекаси" тамойили асосида тайёр биноларни ёш тадбиркорларга бериш тажрибаси йўлга қўйилди. Бунинг учун 47 та лотда қиймати 116,4 миллиард сўмлик 40 та лойиҳа жойлаштирилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш механизмларини назарда тутувчи “саноат ипотекаси” тизимини жорий этиш белгиланган.

Вилоятда тажриба сифатида жорий этилган бу тизимнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, “саноат ипотекаси” асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун тижорат банклари тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино-иншоотларни ўша бинонинг ўзини гаровга қўйган ҳолда узоқ муддатли кредит асосида сотиб олишни таклиф этади. Бу имконият тадбиркорликни рағбатлантириб, саноатни ривожлантиришга яқиндан кўмаклашади.
Мамлакатимизда Янги йил шукуҳи эсаётган шу кунларда мазкур лойиҳаларнинг қиймати 83 миллиард 300 миллион сўмлик 31 таси ишга туширилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёш тадбиркорлар иштирок этган тадбирда Президентимиз ғоялари билан юртимизда тадбиркорликни янги босқичда ривожлантириб, аҳолининг обод ва фаровон яшаши учун барча шароит яратилаётгани қайд этилди. Вилоятда “саноат ипотекаси” тамойили асосида иш бошлаган янги лойиҳалар ҳам ана шундай улуғвор мақсадларга хизмат қилиши таъкидланди.
Янги йил арафасида ишга туширилган лойиҳалар асосида турли мебель, эшик-ром, тиббиёт, полиэтилен ва бошқа саноат буюмлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 190 та янги иш ўрни яратилди. Масалан, “Алоқабанк”нинг “PRECIOUS TERMEZ” масъулияти чекланган жамиятига таклиф этган лоти асосида кўрпа-ёстиқ ва чойшаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Микрокредитбанк” лойиҳасига харидор бўлган “The Great Sttore” масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қадоқлаш линиясини ишга туширди. “Премиум холдинг трейд” масъулияти чекланган жамияти “Миллийбанк” лоти учун олди-сотди шартномасини тузиб, ерёнғоқ пастаси ишлаб чиқаришни ташкил этди.
Лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилишида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири